Силвио Берлускони бир йиллик қамоққа ҳукм қилинди

Силвио Берлускони йиллар давомида кўп марта судга тортилган.

Италия суди собиқ бош вазир Силвио Берлусконини полиция терговига оид махфий ахборотни ошкор қилганликда айбдор, деб топиб, бир йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Бу айбловлар 2005 йилда Берлусконининг медиа империясига қарашли газеталардан бири, собиқ бош вазирнинг сиёсий рақибига путур етказиш мақсадида, полиция телефон суҳбатларини яширин тарзда ёзиб олиб, эълон қилгани билан боғлиқдир.

Берлускони суд ҳукми юзасидан аппеляция судига шикоят қилиши кутилмоқда, бу жараён пайтида Берлускони очиқда қолади.

Жорий ойда унга қарши яна иккита айблов бўйича ҳукмнинг эълон қилиниши кутилмоқда. Айбловлардан бири солиқдан бўйин товлаганлик, иккинчиси эса вояга етмаган фоҳиша билан жинсий алоқага киришганликдир.

Берлускони йиллар давомида кўп марта судга тортилган, унинг ўзи бу айбловларни сиёсий қарашлардаги прокурорларнинг қасоси, дея атайди.

У ўзига нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этиб келади ва шу пайтгача оқланиб келган ёки далиллар етишмаслиги туфайли қамоққа тушмаган.

Яқинда Италияда ўтказилган парламент сайловида Берлускони етакчилигидаги марказ-ўнг кучлари коалицияси учинчи ўринни эгаллади.