Мисрдаги тўқнашувда бир намойишчи ҳалок бўлди

Қоҳирада шанба куни Нил соҳилида полиция билан норозилар гуруҳи тўқнашиши оқибатида бир намойишчи ҳалок бўлди.

Аввалроқ Миср пойтахтида “Ал-Аҳли” футбол клуби ишқибозлари полицияга тегишли бинолардан бирига ҳамда Миср футбол ассоциацияси биносига ўт қўйиб юборганди. Бу билан улар бир йил аввал Порт-Саид шаҳрида ўтказилган ўйин чоғида содир бўлмиш тартибсизликда иштирок этган 28 нафар айбланувчи оқланиши бўйича шанба куни эълон қилинмиш чиқарилган суд ҳукмига норозилик билдирганлар.

Порт-Саид шаҳрида эса шанба куни “Ал-Масри” футбол командаси ишқибозлари Сувайш канали бўйлаб кемалар ҳаракатини тўхтатиб қўйишга уринганлар. Улар ҳам “Ал-Масри”нинг 21 нафар ишқибозига чиқарилган ўлим ҳукмига нисбатан норозилик изҳор қилганлар.

Мисрда авж олиб бораётган тартибсизлик ортидан президент Муҳаммад Мурсий бир қанча шаҳарларда фавқулодда ҳолат эълон қилган.