Венесуэлада президентлик сайловлари апрел ўртасига белгиланди

Икки кун муқаддам Каракасда президент вазифасини бажарувчи ўлароқ қасамёдга келтирилган Николас Мадурони (суратда) собиқ президент Уго Чавес ўзига ворис қилиб белгилагани айтилади.

Венесуэла сайлов кенгаши мамлакатда президентлик сайловлари 14 апрел куни бўлиб ўтишини эълон қилди.

Бу баёнот президент Уго Чавес вафотидан сўнг жума куни Николас Мадуро президент вазифасини бажарувчи сифатида қасамёдга келтирилганидан кейин берилди.

Мадуро сайловларда Чавес издошлари бўлган социалистлар ичидан номзод ўлароқ иштирок этади.

Мухолифатдан эса мазкур сайловда Энрике Каприлеснинг иштирок этиши кутилмоқда.

Каприлес ўтган йилнинг октябр ойида ўтказилган президентлик сайловларида Уго Чавесга ютқазганди.

Венесуэлани 14 йил бошқарган собиқ президенти Чавес жума куни дафн қилинган.