АҚШ Афғонистон президенти иддаоларини рад этди

АҚШ ҳукумати Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг Америка толибонлар ҳужумларидан фойда кўраётганига оид иддаоларини рад этди.

Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней “АҚШ ва Толибон ўртасида келишув борлиги ҳақидаги ҳар қандаы гап умуман асоссиздир” деди.

Якшанба кунги қилган чиқишида президент Карзай Қўшма Штатлар ва толиблар ҳар куни музокара олиб бораётганлари, толиблар томонидан уюштирилаётган террорчилик ҳуружлари хорижлик ҳарбийларга фақат қўл келаётгани, чунки бу уларга ўзларининг Афғонистон ҳудудида юрганини оқлаш имкониятини бераётганини урғулаганди.

Жей Карнейнинг айтишича, АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел Афғонистонга қилган илк сафари давомида Ҳамид Карзай билан учрашиб, ушбу масала бўйича музокалар ўтказган.

Душанба куни эса Вардак вилоятида афғон полициячиси маҳаллий полиция бошқармалиги биносида АҚШ ва Афғонистон ҳарбийларини ўққа тутди.

Ҳужум натижасида тўрт киши - икки АҚШ ҳарбийси ва икки афғон полициячиси ҳалок бўлгани айтилмоқда.