Афғонистон хавфсизлик кучлари ўта кучли бомбани зарарсизлантирди

Афғонистон разведка хизматига кўра, хавфсизлик кучлари Кобулда юк машинасига солинган саккиз тонна портловчи моддадан иборат бомбани зарарсизлантирган.

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармасининг жума куни маълум қилишича, бомба ҳужуми Ал-Қойдага алоқадор Ҳаққоний тармоғи ва Покистондаги Толибон ҳаракати томонидан режалаштирилган. Расмийлар бошқа тафсилотларни очиқламади.

Миллий хавфсизлик бошқармаси матбуот вакили Шафиқуллоҳ Тоҳирий матбуот олдида қилган чиқишида, йирик портловчи мослама шу ҳафта бошида Кобулнинг шарқий минтақасида топилганини билдирди.

Унинг айтишича, бомба 1,5 километр радиусдаги ҳудудни вайрон қилиши кучига эга бўлган. Хавфсизлик кучлари фитна ортида турган беш жанггарини ўлдиргани ва яна иккисини қўлга олганини қўшимча қилди расмий.

Ўтган ҳафта охирида Кобулда Афғонистон Мудофаа вазирлиги биноси олдида худкуш бомбачи ўзини портлатиб юборгани оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳужум АҚШ Мудофаа вазири бино яқинидаги НАТО иншоотида бўлган пайтда амалга оширилди.