Хонавайрон бўлаёзган Детройт шаҳрига фавқулодда бошқарувчи тайинланди

Детройт Америка машинасозлигининг пойтахти эди.

АҚШнинг банкротлик ёқасига келиб қолган Детройт шаҳрида фавқулодда бошқарув ўрнатилди. Бошқарувчи этиб вашингтонлик юрист Кевин Орр тайинланди. Унга Детройтни хонавайрон бўлишдан сақлаб қолиш чора-тадбирларини амалга ошириш топшириғи берилган.

Ўз вақтида Америка автомобил саноатининг маркази ҳисобланган Детройт шаҳри бюджетидаги камомад 327 миллион долларни, шаҳарнинг умумий қарзи эса 14 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Детройтда ишсизлик даражаси 18, 2 фоизга етган. Бу эса АҚШдаги ўртача ишсизлик даражасидан икки баробарга кўпроқдир.

Детройт аҳолиси сони ўтган асрнинг 50- йилларида икки миллион одамни ташкил этган бўлса, 2010 йилда шаҳарда 700 минг одам қолган холос.