Ҳиндистонда ажнабий аёлни зўрлаганлар ушланди

Ҳиндистонликлар жинсий зўравонликка қарши муттасил курашиб келаётганига қарамай, бу мамлакатда аёлларни зўрлашга оид ҳодисалар камаймаяпти.

Ҳиндистон полицияси швейцариялик сайёҳ аёлни зўрлаган беш кишини ҳибсга олди. Маълумотларга кўра, қўлга олинганлар мазкур жиноятни содир этганларига иқрор бўлганлар.

Шунингдек, швейцариялик сайёҳ эр-хотинга ҳужумда гумонланган олтинчи киши ҳам ушлангани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, таътилини Ҳиндистонда ўтказаётган ва велосипедда Тож-Маҳал мақбарасини кўришга кетаётган бу эр-хотинга куни кеча Мадхя-Прадеш штатидаги қишлоқлардан бирида етти-саккиз чоғли киши ҳужум қилганди.

Ҳужумчилар ажнабий эркакни боғлаб қўйганлар, кейин унинг кўз ўнгида 39 ёшли хотинини зўрлаганлар, пировардида аёл касалхонага ётқизилган.

Жиноятчилар чет эллик сайёҳларнинг пуллари, телефонлари ва ноутбукини ҳам тортиб олганлар.

Ҳозир ҳужумчилардан ажнабийларга тегишли ашёлар қайтариб олингани, швейцариялик аёл эса касалхонадан чиқиб, Ню Деҳлига жўнаб кетгани айтилмоқда.