НАТО юкларининг 98 фоизи Ўзбекистондан ўтмоқда

2013 йил бошида НАТО юкларини Ўзбекистон темир йўллари орқали Европага қайтариш бўйича синов ташувларини амалга ошириш якунланади.

Латвия бош вазири Валдис Домбросвскиснинг 21 март куни парламентда қиладиган чиқишида бу ҳақда маълум қилиши кутилмоқда.

Бундан аввал Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд Афғонистондаги халқаро кучлар таркибидаги инглиз қўшинлари сони 9 мингдан 5200 кишигача камайтирилишини маълум қилган эди. Бу эса Афғонистондан 6500 контейнерда ҳарбий юк ва 2500 дона автомобил олиб чиқлишини кўзда тутади.

“Юкнинг бир қисми Покистон орқали олиб ўтилади. Бироқ ҳарбий юкларнинг асосий қисми Европага Ўзбекистон орқали қайтарилади. Транзит учун тўланиши керак бўлган 700 минг доллар ҳақни техника ва эхтиёт қисмлар билан бериш кутилмоқда”, дея таъкидлади Британия мудофаа вазири.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Америка ва НАТО ҳарбийлари учун Афғонистонга жўнатилаётган юкларнинг 98 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган шимолий таъминот тармоғи орқали етказилмоқда.

АҚШ ва Британия Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишида Ўзбекистон ўз ҳудудини транзит сифатида тақдим қилиши эвазига ҳарбий техника ваъда қилган.