Барак Обама Рамаллоҳда Маҳмуд Аббос билан музокра қилмоқда

АҚШ Президенти Барак Обама ва Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос.

АҚШ Президенти Барак Обама Ғарбий Соҳилга етиб келди. Рамаллоҳга Исроилдан вертолётда учиб келган Обама Фаластин Мухторияти Президенти Маҳмуд Аббос ва бошқа расмийлар билан музокара қилади.

Таҳлилчиларга кўра, фаластинликлар Обамани истиқболдаги Фаластин давлатининг бир қисми, деб кўрилган ерларда Исроилнинг янги яҳудий маҳаллалар қуришини тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмаётганликда айбламоқда.

Обама Рамаллоҳдаги музокаралардан кейин Қуддусга қайтиб келади ва яҳудий талабалар олдида чиқиш қилади.

Чоршанба куни Обама Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу билан учрашувда минтақадаги вазият, хусусан, Эрон ядровий дастури ва қўшни Суриядаги қуролли можарога оид масалаларни муҳокама қилди.

Обама Эрон ядровий қуролни қўлга киритиши олдини олиш учун ихтиёридаги “барча воситаларни” ишга солишини ваъда қилди. Нетаньяҳу АҚШнинг мазкур муаммони ҳал қилиш ниятидан ишончи комил эканини таъкидлади.