Европа Марказий банки Қибрисга душанба кунгача муҳлат берди

Қибрис Президенти Никос Анастасиадес мамлакат сиёсий партиялари ўртасида давлат қарзи билан боғлиқ бўҳронни ҳал этиш учун “Инвестиция бирдамлиги жамғармаси” тузилишига келишиб олганини эълон қилди. Қибрисни молиявий бўҳрондан олиб чиқишга қаратилган қутқарув режасининг бошқа тафсилотлари эълон қилинганича йўқ.

Пайшанба куни бир неча соат давом этган учрашувдан кейин Қибрис етакчилари банк омонатчиларига солиш таклиф қилинган солиқ режасидан воз кечишга келишиб олгани айтилмоқда.

Ундан аввал Европа Марказий банки Қибрис ҳукумати халқаро молиявий ёрдамни олиш имконини берадиган режани ишлаб чиқиш учун душанба кунгача муҳлат берди.

Евробанк Қибрис банкларига фавқулодда мақсадлар учун тузилган жамғарма маблағларидан вақтинча фойдаланиш имконини берган.

Бироқ марказий банк душанба кунгача қутқарув пакети бўйича муросага эришилмаса, Қибрис банкларини молиялаш тўхтатилишидан огоҳлантирди.

Қибрис ҳукумати Европа Иттифоқи 10 миллиард еврога тенг ёрдам тақдим этилиши учун шарт қилиб қўйган 5,8 миллиард еврони топишга доир режани ишлаб чиқишга уринмоқда.

Сешанба куни Қибрис парламенти бунга оид дастлабки режани маъқулламади.

Қибрис Молия вазири Михалис Саррис Россия ҳукуматидан молиявий ёрдам сўраб, Москвага келди. Европа Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо ҳам Қибрис бўҳронини муҳокама қилгани Москвага сафар қилмоқда.

Халқаро кредиторлар илгари сурган дастлабки режага кўра, Қибрис банклари омонатчиларига 10 фоизгача бўлган бир марталик солиқ солинишини назарда тутган эди. Бу эса Қибрис банкларида 30 миллиард еврога яқин маблағи бўлган Россия ширкатларига қимматга тушиши мумкин эди.