Россия терговчилари мухолифатчи Леонид Развозжаевни тухматда айбламоқда

Леонид Развозжаев.

Россия мухолифат фаоли Леонид Развозжаевга нисбатан янги айбловлар илгари сурилди. Ўтган йили Москвада санкцияланмаган намойишларни уюштиришда айбланиб, қамоқда қолаётган мухолифатчи энди тухматда айбланмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг пайшанба куни билдиришича, Развозжаев сўроқ пайтида терговчи унга босим ўтказаётганини айтиб, тухмат қилган. Тергов қўмитаси Развозжаев ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилиб, саволларга жавоб беришдан бош тортаётганини ҳам маълум қилди.

Октябрда қамоққа олинган Развозжаевга грузиялик сиёсатчи ёрдамида Москвада норозилик намойишларини уюштирганлик, 15 йил олдин Сибирда рўй берган ҳодиса билан боғлиқ қуролли босқинчилик, чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ҳамда полицияга ёлғон кўрсатма берганлик айбловлари қўйилган.

Развозжаевнинг айтишича, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Украинадан ўғирлаб, Россияга олиб келган ва кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солган.