Россия прокуратураси юзлаб нодавлат ташкилоти идорасида тинтув ўтказмоқда

Россиядан олинган хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат бўйлаб юзлаб нодавлат ташкилоти идораларида тинтув ўтказмоқда.

Жумладан офиси тинтув қилинган "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Александр Черкасовнинг айтишича, пайшанба куни прокурорлар номи келтирилмаган “яна бир бошқарма” вакиллари билан кириб келишган.

Терговчилар тинтув нодавлат ташкилотлари амалдаги қонун доирасида ишлаётганини текшириш мақсадида амалга оширилаётганини важ қилиб кўрсатган.

Черкасовга кўра, Ростов минтақасида прокурорлар бир ташкилот идорасига соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан келиб, ходимлардан ҳеч ким сил касали билан оғримаганини тасдиқловчи маълумотномаларни талаб қилган.

Черкасов бу каби тинтувлар бутун Россия бўйлаб нодавлат ташкилотлари офисларида ўтказилаётганини қўшимча қилди.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши мамлакат бош прокуратурасига мактуб йўллаб, нодавлат ташкилотларидан шикоятлар тушаётганини билдирди. Кенгаш вакили Павел Чиковга кўра, пайшанба куни икки мингга яқин ташкилот идорасида тинтув ўтказилган.