Тошкент ЯИМ бўйича МДҲда пешқадам эканини иддао қилмоқда

Ўзбек расмийлари даъвосича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши бўйича МДҲ мамлакатлари орасида пешқадамлар учлигидан ўрин олган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, 2013 йилнинг январ ойида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8,2 фоизни ташкил қилган.

Мазкур кўрсаткич бўйича Туркманистон 11,1 фоиз билан МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринда, Тожикистон эса 7,6 фоиз билан учинчи ўринда бормоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2013 йилнинг биринчи ойида Россияда ялпи ички маҳсулот ўсиши 3,4 фоизни, Арманистонда 7,2 фоизни, Беларусда 3,1 фоизни, Қозоғистонда 5 фоизни, Қирғизистонда 6,5 фоизни, Украинада эса 0,2 фоизни ташкил этган. Молдовада эса бу кўрсаткич 0,2 фоизга пасайган.