Қибрис ҳукумати омонатчиларга солиқ солинишини кўзда тутувчи келишувга эришди

Қибрис ҳукумати ва халқаро кредиторлар мамлакатни молиявий инқироздан қутқариш режаси бўйича келишиб олди.

Душанба куни Брюсселда чиқиш қилган Қибрис Молия вазири Михалис Саррис келишув мамлакат учун ноаниқлик даврига нуқта ясаши, лекин қийинчиликлар тугашини англатмаслигини таъкидлади.

- Қибрис халқи қийин даврни ва қабул қилинган хато қарорлар оқибатларини бошдан кечиришига тўғри келаётгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак,- деди молия вазири.

Душанба кунги келишувга кўра, Қибрисга 10 миллиард еврога тенг қутқарув пакети тақдим қилиниши кўзда тутилган. Бу қарор Қибриснинг иккинчи йирик банки ёпилишига ҳам олиб келади.

Бундан ташқари банк омонатчилари, жумладан, Қибрис банкларида пуллари бор бадавлат россияликлар катта зарар кўради.

Европа Марказий банки Қибрис ҳукуматига келишувга эришиш учун душанба кунга қадар муҳлат берган эди. Агар бу муҳлат ичида қарор қабул қилинмаса, Қибрис ҳукумати банкрот бўлиши ва евроҳудуддан чиқариб юборилиши мумкин эди.

Халқаро кредиторлар 10 миллиард евролик қутқарув пакетини тақдим қилиш учун Қибрис ҳукуматининг ўзи 5,8 миллиард евро миқдорида пул топишини шарт қилиб қўйган эди.

Душанба кунги келишувга кўра, Қибрис Банки ва Лаики банкларида 100 минг евродан кўпроқ пули бор омонатчилардан 25 фоизгача бўлган бир марталик солиқ ундириб олинади.