Михаил Саакашвили Туркияда касалхонага ётқизилди

Грузия президенти Михаил Саакашвили Туркиянинг Анталия шаҳрида велосипеддан йиқилиб, касалхонага ётқизилди.

Президент матбуот котибининг айтишича, нохуш воқеа якшанба куни юз берди.

Михаил Саакашвили Истанбулдаги касалхоналардан бирига ётқизилган. У ердаги шифокорлар унинг ўмров суяги уч еридан синганини айтишган.

Грузия раҳбарига жарроҳлик амалиёти ўтказилгани айтилмоқда.

Шу муносабат билан Михаил Саакашвили Туркияда душанба кунга белгиланган барча учрашувларини кечиктирди.

Саакашвили матбуот хизматига кўра, Грузия президенти сешанба куни Тбилисига учиб кетишидан олдин туркиялик ҳамкасби Абдулла Гул билан учрашади.

Михаил Саакашвили Туркияга уч кунлик ташриф билан шанба куни келган эди.