БМТ раҳбари Корея яриморолидаги вазият назоратдан чиқиши мумкинлигидан хавотирда

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Корея яриморолида арзимаган ҳодиса ҳам “назорат қилиб бўлмайдиган” вазиятга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

БМТ раҳбари бу баёнотни Римда ўтказилган матбуот анжуманида, Шимолий Корея қўшни Жанубий Кореядаги хорижликларни уруш хавфидан огоҳлнтириши ортидан қилди. Сешанба куни расмий Пхеньян Жанубий Кореядаги хорижликларга мамлакатни тарк этишни тавсия қилди.

Шимол кейинги бир неча ҳафта ичида уруш билан таҳдид қилишда давом этмоқда. Ўтган ойда Шимолий Корея учинчи ядровий синовни амалга оширгани ва БМТ Пхеньянга нисбатан санкцияларни кучайтирганидан кейин Корея яриморолида вазият ўта таранглашган.

Шимолий Корея ўтган ҳафта Пхеньяндаги элчихоналар хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини ҳам айтиб, хорижий дипломатларни мамлакатни тарк этишга чақирди.

Пхеньяннинг таҳдидларига жавобан Япония сешанба куни Токио атрофида Patriot русумидаги аксил ракета мудофаа тизимларини жойлаштирди.

Пхеньян шунингдек, Жанубий Корея билан биргаликда бошқариладиган саноат иншоотидаги ишларни ҳам тўхтатишини эълон қилиб, икки рақиб мамлакат ўртасидаги ягона иқтисодий алоқани узди.