Эронда кучли зилзила рўй берди

Эроннинг жануби-ғарбий ҳудудида юз берган ер силкинишида камида 32 киши ҳалок бўлди, 850 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Эроннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари хабар берди.

Айни дамда зилзила рўй берган ҳудудда кенг кўламли қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

АҚШ Геология Тадқиқот марказига кўра, сешанба куни Хормож шаҳридан 35 километр узоқликда рўй берган зилзила кучи 6,3 баллга етган.

Ер силкиниши эпимаркази Эроннинг атом станцияларидан бири жойлашган Бушеҳр шаҳридан 90 километр узоқликда бўлгани айтилмоқда.

Шунга қарамасдан Бушеҳр вилоятида зилзила магнитудаси 6,1 баллга етган.

Эрон расмийлари ва атом станциясини қурган Россия ширкати 9 баллик ер силкинишига чидамли экани айтилаётган атом иншоотига зарар етмаганини маълум қилди.