Терри Жонс яна Қуръонни ёқмоқчи

Ўзининг исломга қарши радикал кайфияти билан танилган америкалик пастор Терри Жонс Қуръонни оммавий ёқиш тадбирига тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар берди Washington Times газетаси.

“2013 йилнинг 11 сентябрида биз радикал исломчилар томонидан ўлдирилган одамларни хотирлаш мақсадида Қуръоннинг 2998 нусхасини ёқамиз”, деб айтилади Терри Жонс раҳбарлик қилаётган “Америка, оёққа тур!” ташкилоти баёнотида.

Маълумотда айтилишича, Қуръонга ўт қўйиш тадбири Флорида штатининг Тампа-Бэй шаҳрида ўтказилади. Ёқиладиган Қуръон нусхалари сони 2001 йилнинг 11 сентябрида Ню Йоркда содир этилган террорчилик ҳаракатида қурбон бўлганлар сони билан тенг.

Терри Жонс 2011 ва 2012 йилларда ҳам Қуръонни ёқиш тадбирларини ўтказган эди. Унинг ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.