Гуантанамода қамоқхона қўриқчилари билан маҳкумлар тўқнашди

АҚШнинг Гуантанамо махсус қамоқхонасида қўриқчилар ва маҳкумлар ўртасида тўқнашув юз берди.

Пентагон вакилларининг маълум қилишларича, ҳозирга келиб қамоқхонада тартиб тикланган, мазкур нохуш ҳодиса чоғида ҳеч кимга жиддий шикаст етмаган.

Тартибсизлик маҳкумларнинг кузатув камералари олдини тўсиб, ойналарни пардалаб олганларидан кейин бошланган. Қамоқхона ходимлари маҳкумларни тинчитиш учун бир нечта резина ўқ отганлар.

Расмий маълумотларга кўра, феврал ойида Гуантанамода 43 нафар маҳкум очлик эълон қилган. Улар бу билан қамоқхона ходимлари томонидан тинтув чоғида мусодара этилмиш Қуръон нусхаларига ҳурматсизлик қилинганига норозилик билдирмоқчи бўлганлар. Қамоқхона маъмурияти Қуръон нусхаларига нисбатан ҳурматсизлик қилинмаганини таъкидламоқда. Маҳкумларнинг адвокатлари очлик акцияси иштирокчилари эълон қилинганидан анча кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.