Венесуэла ҳукумати президент сайловларида ғолиб деб Мадурони эълон қилди

Венесуэла ҳукумати собиқ президент Уго Чавес ўз вориси деб эълон қилган Николас Мадурони президент сайловларида расман ғолиб деб эълон қилди.

Мухолифат номзоди Энрике Каприлес овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортди ва овозларни қайта санашни талаб қилди.

Якшанба куни ўтган сайловларда Мадуро мухолифатчи Каприлесдан 300 мингга кўпроқ овоз тўплагани айтилмоқда.

Сайловчиларнинг 50,7 фоизи Мадурога, 49,1 фоизи эса Каприлесга овоз берган.

Душанба куни Каприлес сайлов натижаларига норозилик сифатида тинчлик акцияларини ўтказишга чақирди.

АҚШ ҳукумати Венесуэлада ўтказилган сайловлар натижаларини текшириш “муҳим, оқил ва зарур қадам” бўлишини билдирди.