Ироқдаги ҳужумларда камида 50 киши қурбон бўлди

Ироқда душанба куни рўй берган ҳужумлар сериясида камида 50 киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Энг кучли ҳужумлар Боғдод шаҳрида уюштирилгани айтилмоқда. У ерда автомобилларга ўрнатилган бомбалар портлашида камида 25 киши ҳалок бўлган.

Ҳужумлар Фалужа, Тикрит, Самарра ва Ҳиллар шаҳарларида ҳам рўй берган.

Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ портлашлар масъулиятини ўз зиммасига олгани йўқ.

Кузатувчилар ҳудудда Ироқдаги шиа ҳукуматига қарши бўлган "Ал-Қоида"га алоқадор сунний жангарилари фаоллигини айтишмоқда.

20 апрел куни Ироқ вилоятларида 2010 йилдан бери илк бор маҳаллий ҳокимият кенгашлари сайловлари бўлиб ўтиши керак. Бироқ шу кунгача уюштирилган ҳужумларда камида 14 номзод ўлдирилгани айтилмоқда.

Ироқ ҳукумати хавфсизлик сабаблари боис икки вилоятда сайловларни кечиктирди.