Сурияга кетган қирғизистонликлар ишини Туркия прокуратураси ўрганмоқда

Суриядаги урушга ёлланган қирғизистонлик ёш йигитлар иши Туркия прокуратураси томонидан текширилмоқда. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Қирғизистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги маълумот берди.

Туркия прокуратураси Қирғизистон дипломатларидан мазкур иш юзасидан тўпланган тергов ҳужжатларини ҳозирча ошкор қилмасликни илтимос қилган.

17 апрел куни Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳридан 18 ёшдан 36 ёшгача бўлган шахслар Туркияга кетгани ва бу мамлакат орқали Сурияга ўтиш ниятида экани ҳақида хабар берилган эди.

Расмий Бишкекнинг билдиришича, бугунги кунда уларнинг етти нафарининг шахси аниқланган. Норасмий манбалар эса Қизилқиядан Сурияга уришга кетганлар сони йигирмадан ортиқ эканини айтмоқда.

Аввалроқ, суриялик исёнчилар сафларига ўзбеклар ҳам қўшилгани ва улар асосан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари экани ҳақда хабар тарқалган эди.