“Сурия дўстлари” гуруҳи Истанбулда йиғилиш ўтказмоқда

Сурия мухолифатини қўлловчи халқаро ташкилот ва давлатларнинг вакиллари шу кунларда Истанбулда йиғилдилар.

Бу учрашувларда президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган кучларга ёрдам бериш имкониятлари муҳокама қилинаяпти. Чунончи, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия мухолифатига ноҳарбий ашёлар шаклида умумий қиймати 130 миллион долларга тенг бўлган ёрдам тақдим этилиши ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.

Бу орада Европа Иттифоқи мамлакатларида Сурия мухолифатига қурол-аслаҳа етказиб беришга қўйилган тақиқни бўшаштириш ва Ассад ҳокимият даъвосидан воз кечиши учун унга босимни кучайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинмоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Араб лигаси мамлакатлари каби фаол аъзоларга эга бўлган “Сурия дўстлари” норасмий гуруҳи Башар Ассадни ҳокимиятдан четлатиш йўлларини топишга ҳали-ҳамон муваффақ бўлгани йўқ.

БМТ маълумотларига кўра, Сурияда икки йилдан буён давом этаётган қуролли тўқнашувларда 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.