Ҳиндистон Хитой аскарларини ўз ҳудудига кирганликда айблади

Ҳиндистон ҳукумати Хитойдан ўз аскарларни Деҳли Ҳиндистонга тегишли эканини иддао қилган минтақадан олиб чиқишни талаб қилди.

Сешанба куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг бир гуруҳ аскари 15 апрел куни Ҳиндистон ичкарисига 10 километр кириб Ладаҳ минтақасига чодирлар ўрнатганини билдирди.

Бу минтақа анча вақтдан бери икки давлат ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келган.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Сайид Акбаруддин Хитойнинг Деҳлидаги элчиси айни воқеа бўйича вазирликка чақиртирилганини маълум қилди.

Баҳсга ечим топиш учун маҳаллий қўмондонлар музокаралар олиб бораётганини айтган Акбаруддин аввал рўй берган шу каби воқеаларнинг ҳаммаси тинч йўл билан ҳал этилганини қўшимча қилди.

1962 йилда Ладаҳ минтақасида Ҳиндистон ва Хитой ўртасида қисқа муддатли уруш бўлган.