Каримов Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини мукофотлашни буюрди

Ўзбекистон Президенти Ислом Кармиов “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” фармон эълон қилди.

25 апрел куни имзоланган фармонга кўра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 68 йиллиги муносабати билан ҳар бир уруш фахрийсига 500 минг сўм миқдорида бир марталик мукофот берилиши кўзда тутилган.

Мукофотларнинг тўланишини таъминлаш вазифаси мудофаа, ички ишлар, молия вазирликлари ва марказий банк зиммасига юклатилди.

Иккинчи жаҳон урушида ўша пайтда 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллион одам қатнашган. Уларнинг ярим миллионидан ортиғи уйига қайтмаган.

Ўтган йили ўзбекистонлик уруш фахрийларига 400 минг сўмдан мукофот берилган эди.