Обама Сурияда кимёвий қурол ишлатилгани тўғрисидаги маълумот текширилишини билдирди

АҚШ президенти Барак Обама Сурия ҳукумат қўшинлари кимёвий қурол қўллагани тўғрисидаги маълумотлар “ўта диққат билан текширилиши” ҳақида баёнот берди.

Жума куни Вашингтонда Иордания қироли Абдулла Иккинчи билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Обама Сурия ҳукумат кучлари кимёвий қурол қўллагани исботланса “ўйин қоидалари ўзгариши мумкинлиги”дан огоҳлантирди.

“Суриядаги тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги гаплар разведка маълумотларига асосланган", деб билдирди Обама журналистларга.

Сурия қуролли мухолифати бир неча ой олдин ҳукумат кучлари тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллаганини иддао қилган эди.

Сурияда ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги тўқнашувлар 2011 йилнинг март ойида бошланган. Икки йилдан бери давом этаётган тўқнашувларда 70 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилади.