Сурия телевидениеси: Бош вазир “террор” ҳужумида омон қолди

Сурия Бош вазир Ваел Ал-Халқи.

Сурия давлат телевидениеси мамлакат бош вазири Ваел Ал-Халқи пойтахт Дамашқда амалга оширилган “террор” ҳужумида омон қолганини айтмоқда.

Телевидение хабарига кўра, мамлакат Бош вазирига ҳужум пойтахтнинг ғарбий қисмидаги Маззеҳ туманида амалга оширилган.

Давлатга қарашли Сана ахборот агентлиги ҳужумда талафот кўрилганини маълум қилган.

Франс пресс ахборот агентлиги фотомухбирига кўра, портлаш оқибатида бир неча автомобил вайрон бўлган.

Сўнгги ойларда Дамашқда содир этилган портлашларда юзлаб одам ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани айтилмоқда.

Сурия ҳукумати ҳужумлар учун президент Башар Ал-Ассадни ҳокимиятдан ағдаришга уринаётган мусулмон экстремистларни айблаган.

БМТ маълумотига кўра, 2011 йил март ойида Сурия ҳукуматига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери мамлакатда 70 мингдан зиёд одам нобуд бўлган.