Россия мухолифатига Болотная майдонида митинг ўтказишига рухсат берилди

Россия мухолифати Болотная майдони томон уюштирган "Миллионлар марши", Москва, 2012 йил 6 май.

Москва шаҳар ҳокимияти мухолифатнинг Болотная майдонида митинг ўтказишга рухсат берди.

Аммо 6 май куни юриш уюштиришига рухсат бермади.

Ҳокимият ва мухолифат эришган келишувга мувофиқ митинг иштирокчилари кўпи билан 30 минг кишини ташкил этиши керак.

Солидарност ҳаракатининг сиёсий кенгаши аъзоси Александр Риклин Интерфакс ахборот агентлигига мухолифат ва ҳокимият эҳтиёж туғилса, митинг қатнашчилари майдонга туташ ҳиёбон ва Болотная майдонининг пиёдалар юрадиган қисмини ҳам эгаллаши мумкинлиги хусусида келишиб олганини айтган.

Ундан олдин Санкт-Петербург ҳокимияти билан шаҳарнинг Марс майдонида мухолифат митинг ўтказиши хусусида келишувга эришилгани маълум қилинган эди.