Покистон ҳарбийлари: Тираҳда 16 жанггари йўқ қилинди

Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақасида ҳарбийлар ва жанггарилар ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Покистон ҳарбийлари якшанба куни эълон қилган баёнотга кўра, ҳукумат кучлари Тираҳ водийсида жанггарилар яширингани тахмин қилинган жойларга уюштирган ҳужумда 16 жанггари ва икки ҳарбий нобуд бўлган.

Тираҳ Афғонистонга чегарадош Ҳайбар минтақасининг қабилалар яшайдиган стратегик муҳим тоғли ҳудуди ҳисобланади.

Жанггарилар январ ойидан бери Тираҳни ўз назоратига олишга уриниб келмоқда.

Бироқ ҳукумат кучлари ҳаво ва ердан зарбалар бериб жанггарилар ҳужумини қайтариб келмоқда.

Журналистлар бу минтақага киришига рухсат берилмагани боис талафот ҳақидаги маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Расмийларга кўра, Тираҳдаги қуролли тўқнашувлар сабабли 48 минг аҳоли ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган.