Ливияда люстрация тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Ливияда қабул қилинган янги қонунга кўра, мамлакат бош вазири Али Зайдон ҳам истеъфога кетиши керак.

Ливияда Миллий конгресс аъзолари люстрация тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқулладилар. Мазкур ҳужжат Муаммар Қаддафий ҳукмронлиги пайтида давлат хизматида бўлган барча амалдорларга беш йил мобайнида давлат лавозимларини эгаллашни маън этишни кўзда тутади.

Бир ҳафта олдин қонун лойиҳасининг қуролланган тарафдорлари Адлия ва Ташқи ишлар вазирлиги биноларини ўраб олиб, люстрация тўғрисидаги қонун қабул қилинмагунича, бу биноларни тарк этмасликларини билдиргандилар.

Янги қонун амалдаги ҳукуматнинг бир неча аъзоси, шу жумладан, бош вазир Али Зайдонга ҳам дахл қилади.

Ливияда фаолият юритувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари қонун лойиҳасининг матни ёмон ёзилгани ва у ҳаддан зиёд кўп одамни қамраб олишини таъкидламоқдалар.