Германияда нео-нацист аёл маҳкамаси вақтинча тўхтатилди

Германияда ирқий асосда қатор қотилликларни содир этганликда айбланаётган нео-нацист аёл устидан ўтаётган маҳкама вақтинча тўхтатилди.

Бунга айбланувчи адвокатларининг судяни тарафкашликда айблагани сабаб бўлди. Суд адвокатлар иддаолари текширилиб чиққанидан сўнг давом этади.

Айбланувчи 38 ёшли Беате Цшепе 2000-2007 йиллар оралиғида саккиз нафар турк, бир грек ва немис полициячисининг ўлдирилишида иштирок этганликда айбланмоқда.

У шунингдек камида иккита бомба портлаши, 15та банкнинг ўмарилиши ҳамда террор ташкилоти ҳисобланган Миллий-социал махфий гуруҳида аъзоликда айбланмоқда.

Ультра-ўнгчи гуруҳга кўмаклашганликда яна тўрт киши айбланмоқда. 2011 йилда мазкур гуруҳнинг икки аъзоси банкни ўмараётиб, ўзларини портлатиб юборган эди.

Агар айби исботланса, Цшепе умрбод қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.