АҚШ ва Россия Сурия бўйича конференция ўтказишга келишишди

Россия ва АҚШ Суриядаги вазиятни ҳал қилишга қаратилган халқаро конференция ташкил этиш бўйича келишиб олди.

Бу ҳақда сешанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Москвада Россия президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ўтказган учрашувларидан сўнг билдирди.

Яқин кунларда ташкил этилажак анжуманда Башар Ассад ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари икки йилдан бери давом этаётган қонли тўқнашувларни тўхтатиш учун музокаралар бошлаши истиқболлари муҳокама этилади.

Керрига кўра, тадбирда Сурияда муваққат ҳукумат ташкил этиш бўйича ўтган йили Женевада қабул қилинган режа кўриб чиқилади.

Амалга ошмай қолган Женева режаси Сурия ҳукумати ва мухолифати биргаликда ўтиш даври ҳукумати тузишини кўзда тутган эди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Сурияда икки йилдан бери давом этаётган тўқнашувларда 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.