АҚШда кибержиноятчилар гуруҳи қўлга олинди

АҚШ расмийлари кибержиноятлар гуруҳи банк карталари маълумот базасини бузиш орқали 25 мамлакатдаги банкоматлардан жами 45 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўғирлагани тўғрисида маълум қилди.

Мазкур воқеа банк ўғирликлари тарихидаги энг йирик жиноят сифатида тилга олинмоқда. Кибержиноятчилар Франция, Германия, Британия, Италия, Япония, Покистон, Руминия, Россия, Украина ва Қўшма Штатлардаги банкоматларни талаган.

АҚШ прокурорларига кўра, ўғирликлар икки босқичда, декабр ва феврал ойларида уюштирилган. АҚШда кибержиноятчилар гуруҳининг Ню Йорк шаҳридаги янги ҳалқасига мансуб етти шахс қўлга олингани айтилмоқда. Улар бир кун ичида банкоматлардан 2,8 миллион доллар пул ўғирлаганликда айбланмоқда.

Кибержиноятчилар ўғрибошиси ўтган ойда Доминикан республикасида отиб ўлдирилгани айтилмоқда.