Покистон умуммиллий сайловларга тайёргарлик кўрмоқда

Пунжаб вилоятида Али Ҳайдар Ғилонийнинг ўғирлаб кетилиши учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ.

Покистонда шанба кунга белгиланган сайловлар арафасида сиёсатчиларга қарши ҳужумлар давом этмоқда.

Шимолий Вазиристон вилояти маркази Мирон Шоҳ шаҳрида тўрт нафар номзод идораси олдида амалга оширилган бомба портлаши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди.

Жума куни Кветта шаҳрида Покистон Халқ партияси идораси олдида амалга оширилган портлашда беш киши жароҳатланди.

Айни пайтда пайшанба куни ўғирлаб кетилган ёш сиёсатчи Али Ҳайдар Ғилонийнинг қаердалиги номаълум қолмоқда. Собиқ бош вазир Юсуф Ризо Ғилонийнинг 25 ёшли ўғли пайшанба куни сайлов олди намойиши пайтида ўғирлаб кетилган эди. У Покистон Халқ Партиясидан вилоят кенгашига номзод этиб кўрсатилган.
У ўғирлаб кетилаётган пайтда икки киши ҳалок бўлди.

11 май кунги сайлов натижасида Покистоннинг 66 йиллик тарихида илк бор фуқаровий ҳукумат ваколати тугаб, бошқа бир фуқаровий ҳукумат иқтидорга келиши кутилмоқда.

Сайлов олди кампанияси сиёсий қотилликлар, одам ўғирлашлар ва 100дан ортиқ одамни ўлдирган портлашлар билан ўтди.

Покистондаги Толибон ҳаракати сайловларни ноисломий дея атаган ва зўравонликларнинг аксари учун масъул деб кўрилмоқда.