АҚШ Максим Бакиевга очилган жиноят ишини ёпди

Максим Бакиев АҚШ ва Қирғизистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

АҚШ прокурори Лоретта Линчнинг матбуот котиби Роберт Нардоза жума куни Озодлик радиосига Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевга нисбатан очилган жиноят иши ёпилганини билдирди.

Нардоза нима сабабдан бундай қарор қабул қилинганини очиқламади. Жиноят ишининг ёпилиши Бишкек расмийлари норозилигига сабаб бўлди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинган АҚШнинг Бишкекдаги элчисига қирғиз томони ўз ташвиши ва норозилигини билдирган.

Вашингтон томонидан молиявий жиноятларда айбланаётган Максим Бакиев ўтган йилнинг октябрида АҚШ сўрови билан Буюк Британияда қўлга олинган ва уй қамоғида сақланаётган эди. Қирғизистонда эса Максим Бакиев коррупцион жиноятларда айбланмоқда.

Максим Бакиев отаси 2010 йил апрел инқилобидан сўнг ҳокимиятдан қулатилгач, Лондонга қочган эди.