БМТ ва АҚШ Туркиядаги портлашларни қоралади

Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва АҚШ Туркия-Сурия чегараси яқинидаги Райҳонли шаҳрида шанба куни амалга оширилган ва 43 киши ҳаётига зомин бўлган икки терактни қоралаб чиқди.

Туркия расмийлари аввалроқ мазкур портлашларда Сурия махфий хизматларининг қўли борлигига оид тахминларни илгари сургандилар.

Анқара Сурияда икки йилдан буён давом этиб келаётган қуролли тўқнашувларда мухолифатни қўллаб, президент Башар Ассадни истеъфога кетишга чақириб келади.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун Райҳонлидаги кечаги террор хуружини қоралар экан, тинч аҳоли вакилларига ҳужумни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.

Мазкур портлашларни қоралаган АҚШ давлат котиби Жон Керри эса Қўшма Штатлар НАТОдаги иттифоқдоши бўлган Туркияни қўллаб-қувватлашини билдирди.