Грузиядаги ҳукмрон коалиция президентликка номзод кўрсатди

"Грузия орзуси" коалициясидан президентликка номзод Георгий Маргвелашвили.

“Грузия орзуси” ҳукмрон коалицияси бўлажак президентлик сайловларига бош вазир ўринбосари, таълим вазири Георгий Маргвелашвилини номзод ўлароқ кўрсатди.

Бу ҳақда журналистларга шанба куни коалиция лидери, бош вазир Бидзина Иванишвили билдирди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор таркибига олти партия кирган “Грузия орзуси” коалициясининг сиёсий кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган.

Грузияда президентлик сайловлари шу йилнинг октябр ойига белгиланган. Амалдаги президент Михаил Саакашвили партияси бўлмиш “Бирлашган миллий ҳаракат” ҳали ўз номзодини эълон қилганича йўқ.