Туркияда террор ҳужумига жавоб чораси муҳокама қилинмоқда

Туркия ҳукумати Сурия чегараси яқинида жойлашган Райҳонли шаҳрида иккита автомобилга ўрнатилган бомба портлагани оқибатида 43 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам жароҳат олган шанба кунги ҳужумга қандай жавоб чораси кўришни муҳокама қилмоқда.

Туркия Бош вазири ўринбосари Басир Аталай Хатой вилоятидаги ҳужум Сурия режими ва разведка хизматига алоқадор гуруҳ томонидан амалга оширилгани тахмин қилинаётганини маълум қилди.

Минглаб суриялик қочқин бошпана топган Райҳонли шаҳридаги ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Суриядаги фуқаролар урушида мухолифатни дастаклаб келаётган Туркия Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимини ҳокимиятни тарк этишга чақирган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Райҳонли шаҳрида тинч аҳолига қарши амалга оширилган ҳужумни кескин қоралади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳужумни “даҳшат” дея баҳолаб, Қўшма Штатлар НАТОдаги иттифоқчиси Туркия билан елкама-елка туришини таъкидлади.