Сурия ҳукумати Туркиядаги ҳужум учун масъул эканини инкор қилди

Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳбий.

Сурия президенти Башар Ал-Ассад бошчилигидаги ҳукумат Туркиянинг Райҳонли шаҳрида шанба куни амалга оширилган портлашлар учун Сурия масъул экани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳбий: “Сурия ҳеч қачон бундай акт содир этмаган ва содир этмайди”, дея баёнот берди.

Айни пайтда, якшанба куни Туркия Ички ишлар вазирлиги портлашга алоқадорликда гумон қилинган тўққиз шахс қўлга олингани ва улар портлашга алоқаси бўлгани ҳақида кўрсатма бера бошлаганини маълум қилди.

Райҳонли шаҳрида иккита автомбилга ўрнатилган бомба портлагани оқибатида камида 43 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам жароҳат олган ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Сурияда икки йилдан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлардан қочиб Туркия ҳудудига ўтган суриялик минглаб қочқин Райҳонли шаҳрида бошпана топган.

Бироқ якшанба куни Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Райҳонли шаҳридаги ҳужум Сурия президенти Ал-Ассад режимига хайрихоҳ жанггарилар томонидан уюштирилганинига ишонишини айтди.