Ҳусни Муборакнинг шарҳи Миср матбуотида чоп этилди

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак 2011 йилда 900 нафар намойишчининг ўлимида айбланиб икки йил олдин ҳибсга олинганидан бери якшанба куни илк бор унинг шарҳи матбуотда чоп этилди.

Якшанба куни маҳаллий ахборот воситаларида эълон қилинган шарҳида Муборак Мисрдаги вазият ва камбағаллар аҳволидан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Муборак камбағалларга доим “ғамхўрлик" қилиб келгани ва “улар зарарига чоралар кўришни рад этиб келгани”ни қўшимча қилган.

Миср собиқ президенти келажак авлодлар унинг фаолиятини адолатли бахолашига ишонч билдирган.

85 ёшдаги Муборак Мисрнинг ҳозирги президенти Муҳаммад Мурсийнинг фаолиятига бахо бериш учун вақт ҳали эрта эканини урғулаган.

Ўтган йил Мисрдаги маҳкама Муборакни 2011 йилги оммавий исёнларда намойишчиларни отишга буйруқ берганликда айбдор деб топиб уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Аммо, Миср Олий суди биринчи маҳкамада айрим нуқсонларга йўл қўйилганини аниқлаб, Муборак иши бўйича қайтадан маҳкама эшитувлари ўтказишга қарор қилган.

11 май куни суд Ҳусни Муборакнинг ишини қайта қўриб чиқа бошлади.