Жаҳон лидерлари Покистондаги сайловни олқишламоқда

Покистон мусулмон лигаси лидери Навоз Шариф.

АҚШ президенти Барак Обама, шунингдек, Ҳиндистон ва Афғонистон лидерлари Покистонда ўтказилган парламент сайловларини олқишладилар.

Оқ уй раҳбарининг якшанба куни тарқатилган баёнотида Вашингтон Исломобод билан Покистонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликка тайёр экани таъкидланади.

Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Манмоҳан Сингҳ эса Покистон мусулмон лигаси лидери Навоз Шарифни сайловдаги ғалабаси билан табриклаш асносида Деҳли ва Исломобод ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўчишига умид билдирган. Сингҳ Шарифга Ҳиндистонга ташриф билан келишни таклиф қилган.

Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай, жанггариларнинг янги террор хуружлари содир этишга оид таҳдидларига қарамай, Покистондаги сайловда давомат юқори бўлганини қайд этган.

Шанба куни Покистонда ўтказилган парламент сайловларининг дастлабки натижалари собиқ бош вазир Навоз Шариф партияси ғалаба қозонганидан далолат бермоқда.

Унинг партияси мамлакат парламентидаги 272 ўриндан 130 тасини эгаллаши кутилаяпти. Бу аввалда икки марта бош вазир лавозимини эгаллаган Навоз Шарифга янги ҳукумат тузиш имкониятини беради.