Туркия ва Сурия бир-бировини айбламоқда

Райҳонли шаҳрида 11 май куни содир этилган портлашдан 46 киши нобуд бўлди.

Туркиянинг Сурия чегараси яқинидаги шаҳрида шанба куни содир этилган ва натижада 46 киши нобуд бўлган икки портлаш кетидан бу икки давлат бир-бировини айблади.

Анқара расмийларига кўра, Туркиянинг Сурия махфий хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинган 9 фуқароси шанба куни Райҳонли шаҳрида содир этилган портлашларни уюштирганликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Айтилишича, қўлга олинганлар ҳуружни амалга оширишда иштирок этганликларини тан олган.

Сурия режими якшанба кунги баёнотида Туркиянинг иддаоларини рад этди ва Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғонни истеъфо беришга чақирди. Расмий Дамашқ фикрича, Эрдўғон "турклар ва сурияликлар қони ҳисобига шуҳрат қозонмоқчи".

Туркия бош вазири Истанбулда қилган чиқиши чоғида Суриядан ўч олиши мумкинлигидан огоҳлантирган ва айни пайтда Суриядаги фуқаролар урушига Туркиянинг аралашиб кетишига йўл қўймаслиги тўғрисида баёнот берган эди. Туркия суриялик исёнчиларни қўллаб-қувватламоқда ва Сурия ҳукуматини истеъфо беришга чақирди.