АҚШ Андижон фожеаси қурбонларига ҳамдардлик билдирди

Фожеадан сўнг Андижондан қочишга мажбур бўлган қарийб 500 ўзбекнинг бир гуруҳи АҚШдан бошпана топган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 13 май куни Андижон фожеасининг 8 йиллиги муносабати тарқатган баёнотда бундай дейилган:

“Бундан 8 йил муқаддам Андижонда содир бўлган фожеа муносабати билан Америка Қўшма Штатлари қайғули воқеалар чоғида ҳалок бўлган ва жабр кўрганлар барчасининг оила аъзолари, дўстлари ва ҳамкасбларига яна бир бор ҳамдардлик билдиради. Самимий мулоқот, ярашув ва ҳисобот бериш билан ҳамоҳанг бўлган тақдирдагина соғайиш жараёни вақт ўтиши билан енгилроқ кўчади”.

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 180 киши ҳалок бўлган. Мустақил манбалар эса фожеа қурбонлари сони бундан бир неча бор кўп бўлганини таъкидлайдилар.

Андижон шаҳрида 8 йил аввал содир бўлган воқеаларни халқаро жамоатчилик тинч намойишчиларнинг ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилиши ўлароқ эътироф этган бўлса, ўзбек расмийлари буни маҳаллий террорчилар фитнаси сифатида баҳолаганлар.

Бобур майдонидаги қонли фожеадан кейиноқ халқаро жамоатчилик ўзбек расмийларидан Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ бу талаб расмий Тошкент томонидан рад этилган.

Бу йил Андижон воқеаларини хотирлашга бағишланган ягона тадбир ўзбек мухолифати фаоллари ва мустақил кузатувчилар иштирокида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилди. Бироқ мазкур тадбирда аввалда ўз ҳақ-ҳуқуқларини фаол талаб қилиб келган воқеа иштирокчиларидан бирортаси қатнашмади.