Бангладешда қулаган бинодаги қутқарув ишлари тугади

Бангладешда қулаган фабрика биносидаги қутқариш ишлари якунланди. 24 апрел куни рўй берган бино қулашида ҳалок бўлганлар сони 1 127 кишига етди.

Мамлакат пойтахти Дакка четидаги Савар туманида жойлашган Рана Плаза биноси вайроналарида олиб борилган қутқариш ишлари қарийб уч ҳафтага чўзилди.

Вайроналардаги сўнгги жасад якшанба куни топилган.

Кийим кечак фабрикасидаги бу фожиа Бангладеш енгил саноатида халқаро хавфсизлик талабларига риоя қилиш кераклиги борасида халқаро танқидга сабаб бўлди.

Бангладеш кийим-кечак саноати дунёнинг кўплаб йирик чакана савдо ширкатларига махсулот етказиб беради. Мамлакатда қарийб 5000 кийим фабрикаси борлиги ва у ерда 3,6 миллион ишчи ишлаши айтилмоқда.

Бангладеш Италия ва Хитойдан сўнг дунёдаги учинчи йирик кийим экспорт қилувчи мамлакатдир.