Грузия ҳукумати август уруши бўйича тергов гуруҳи тузди

2008 йилнинг августида Грузия билан Россия ўртасида бўлиб ўтган уруш сабаб ва оқибатларини ўрганиш учун махсус тергов гуруҳи тузилди.

Грузия Бош прокурори Арчил Кбилашвилининг сешанба куни журналистлар билан мулоқот чоғида айтишича, бош прокуратура, ички ишлар вазирлиги ва ҳарбий полиция ходимларидан иборат махсус гуруҳ уруш давомида ва ундан кейин амалга оширилиши мумкин бўлган жиноий ҳаракатлар эҳтимолини ўрганади.

Ўтган ойда Грузия бош вазири Бидзина Иванишвили президент Саакашвили уруш масаласида сўроққа чақирилиши мумкинлиги тўғрисида гапирган эди.

Грузия бош вазири Бидзина Иванишвили ҳамда президентлик муддати тугаётган Михаил Саакашвили ўртасида унинг Бирлашган миллий ҳаракат партияси ўтган йилнинг октябрида парламент сайловида ютқазиб қўйганидан бери тез-тез сиёсий можаролар юз бериб келмоқда.