Қрим-татарлар депортация қилинганини оқлаган Россия дипломати истеъфога чиқди

Россия Бош консулига қарши қрим-татарлар уюштирган намойиш.

Россиянинг Украинадаги Қрим мухтор республикасидаги Бош консули Владимир Андреев қрим-татарларининг иккинчи жаҳон уриши пайтида ўз ватанларидан депортация қилиниши билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфо берди.

Бош консул Россия Ташқи ишлар вазирлигининг мазкур масаладаги позицияси билан келиша олмаслиги туфайли истеъфога чиққанини маълум қилди.

Андреев 21 май куни ATR телеканалига берган интервюсида қрим-татарлар иккинчи жаҳон уриши пайтида немис фашистлари билан ҳамкорлик қилгани туфайли ҳам Сталин уларни ватанидан депортация қилиш ҳақида тўғри қарор чиқарган, қабилида фикр билдирган эди. Мазкур баёнот қрим-татарларида катта норозилик пайдо қилди.

23 май куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қримдаги Бош консул қрим-татарлар шаънига номақбул гапларни айтганини танқид қилган эди.