Лондонда террорчиликда гумонланган яна уч шахс ушланди

Лондон полицияси британиялик аскар мана шу пичоқ (суратда) билан ўлдирилганини айтмоқда.

Британия полицияси Лондон кўчаларидан бирида чавақлаб кетилган аскар ўлимида гумонланмиш яна уч кишини ҳибсга олди.

Скотланд-Ярд шанба куни 24 ва 28 ёшли икки йигит Лондоннинг жанубий-ғарбида ҳибсга олинганини билдирди. 21 ёшли учинчи йигит эса алоҳида қўлга олинган. Учовлон ҳам қотиллик юзасидан тил бириктирганликда гумонланиб ушланган.

Гумонланувчиларнинг ҳибсга олиниши юзасидан бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Чоршанба куни икки номаълум шахс Лондоннинг Вулич туманидаги ҳарбий ўқув юрти олдида бир ҳарбийга ҳужум қилган ва уни пичоқлаб ўлдирганди.

Воқеа жойига етиб келган полициячилар исломийлар экани айтилаётган ҳужумчиларни ўқотар қуролдан яралаган. Яраланган ҳужумчилар икки алоҳида касалхонада қаттиқ назорат остида сақланмоқда.

Лондон расмийлари мазкур ҳодисани террорчилик хуружи ўлароқ баҳолаган.