Афғонистонда янги сайловчиларни рўйхатга олиш бошланди

Афғонистонда келаси йил апрел ойида ўтказиладиган президент сайловда овоз берадиган янги сайловчиларни рўйхатга олиш бошланди.

Мустақил сайлов комиссияси раҳбари Фозил Аҳмад Манавий якшанба куни Кобул шаҳрида мухбирларга бугун биз овоз берадиган янги сайловчиларни рўйхатга олиш ишларини бошлаганимиздан хурсандмиз, деди.

Янги сайловчиларни рўйхатга олиш билан шуғулланувчи гуруҳлар чекка минтақалар ва қишлоқларда фаолият юритишига имконият яратиш учун Аҳмад Манавий ҳукуматни хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди.

26 май куни Афғонистоннинг 34 та вилоятида 41 та марказда 18 ёшга тўлган янги сайловчиларни рўйхатга ола бошланди.

Ҳозир Афғонистонда 16 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Рўйхатга олиш тугаганидан сўнг улар сафига яна тўрт миллион янги сайловчи қўшилиши тахмин қилинмоқда.

Икки муддат президентликка сайланган Ҳамид Карзай 2014 йилги сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.