Бағдоддаги портлашларда камида 70 киши ҳалок бўлди

Ироқ пойтахти Бағдоднинг шиа мусулмонлари маҳаллаларида рўй берган портлашлар натижасида камида 70 киши ҳалок бўлди.

Душанба кунги портлашлар сони 12 дан ортгани айтилмоқда. Маҳаллий ҳукумат вакилларнинг айтишича, автомобилларга ўрнатилган бомбалар одамлар гавжум жойларда портлатилган.

Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ портлашлар масъулиятини ўз зиммасига олгани йўқ.
Бироқ шу каби портлашларни сунний мазхабдаги исломчи жангарилар ва Ал-Қоидага алоқадор гуруҳлар амалга ошириб келиши айтилмоқда.

Ироқда сўнгги икки ой мобайнида сунний ва шиа мусулмонлари истиқомат қилувчи ҳудудларда рўй берган ҳужумлар оқибатида камида минг киши халок бўлган.

Кузатувчиларга кўра, бу каби ҳужумлар мамлакатнинг сунний ва шиа мусулмонлари ўртасидаги адоватнинг янада кескинлашишига олиб келиши мумкин.

Ироқнинг сунний мусулмонлари асосан шиалардан таркиб топган ҳукуматни сунний озчиликка нисбатан тазйиқлар ўтказишда айблаб, ўтган йилнинг декабр ойидан бери ҳукуматга қарши намойишлар ўтказиб келмоқда.