ЕИ қарори АҚШ ва Россия ўртасидаги тангликка сабаб бўлди

Европа Иттифоқи тарафидан Суриядаги исёнчиларни қуроллантиришга бўлган эмбаргони бекор қилиниши АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг совишига сабаб бўлмоқда.

Оқ Уй матбуот котиби Жей Карней сешанба куни журналистлар билан ўтган учрашувда Европа Иттифоқининг бу қарорини олқишлашини, бироқ АҚШнинг Сурия мухолифатини қуроллантириш бўйича режаси йўқлигини билдирди.

Шу билан бирга, Карней Сурия ҳукуматини қуроллантиришда давом этаётган Россия ҳаракатларини қоралади ва бундай ҳаракатлар томонларни сиёсий ечимга келишига тўсқинлик қилишини айтди.

Сешанба куни Россия ЕИ қарорини ноқонуний, деб қоралаган эди. Расмий Кремлга кўра, ушбу қарор Россия ва АҚШ ташкил этаётган халқаро тинчлик конференцияси кўзлаган мақсадларни хавф остига солади.

Россия Башар Ассад ҳукуматига С-300 қирувчи самолётларини етказиб беришини маълум қилган. Кремлга кўра, бундай ҳарбий техника Сурияни ташқи интервенция хавфидан ҳимоя қилади.